Қул Хожа Аҳмад Яссавийнинг бир ҳикматидан ҳикматларига

Қул Хожа Аҳмад Яссавийнинг бир ҳикматидан ҳикматларига

2004 йилда сайрамлик Мираҳмад Мирхолдор ўғли “Хожа Аҳмад Яссавийнинг янги топилган ҳикматлари” рисоласини нашр эттирган Ундаги ҳамма ҳикматлар янги топилган бўлмаса-да,баъзи биз учун янги бўлган ҳикматларда ислом ва яссавия тариқатининг хусусиятларини жамлаб акс эттирганлиги билан киши диққатини ўзига жалб этади.Гарчи ҳозиргача Аҳмад Яссавийнинг биргина ҳикмати асосида бу тариқатнинг асосий хусусиятларини очишга уриниш анъанаси бўлмаса-да,биз бунга таваккал қилиб киришдик.
Биз танлаган ҳикматда бир банданинг Яратган Эгамга дуо ва илтижолари,ҳатто намози Ўзининг исломий сифатларига мурожаат-муножот тарзида бадиий ифодаланган.Яссавий ҳикматларида “мағзи Қуръон”акс эттирилгани учун ҳам бу ҳикматни биз туркича бир намоз сифатида қабул қилиниши назарда тутилган кўринади.Бу иддаомизни эса хазратнинг:
Оят,ҳадис маъниға турки келса мувофиқ,
Маънисиға етканлар ерга қўйар бўркини

иккилигида яққол намоён бўладиган турки-ўзбек тили фақат ёзма ва оғзаки адабиёт тилигина эмас.балки дин-ибодат тили ҳам бўлишини истаганликларини тасдиқлайдиган бир исбот сифатида кўрамиз.Аҳмад Яссавийнинг бундай фикрлашининг асоси ҳам Қуръондандир.Яъни Қуръон ер юзидаги барча қавмлар тили ,ирқи-миллатидан қатъий назар Яратганнинг наздида бирдирлар,Қуръонга биноан бандалар фақат дини ва унга амал қилиши нуқтаи назаридан фарқланиши очиқ –ойдин акс эттирилган.Гапни айнан мана шу тенглик,инсониятнинг ҳам бутун олам каби яхлит эканлиги масаласидан бошлашимизнинг сабаби-бизнинг таҳлилимиздаги ҳикматнинг биринчи иккилиги мазмун жиҳатидан бунга боғланганлигидан деб билинг:
Ёв қавмини ёрлиқо,Ғаффор отлиғ Илоҳим,
Ўз қавмимдин сақлағил,Қаҳҳор отлиғ Илоҳим
Бу мисраларда ёв ўрнида Мирхолдоров таҳририда ёз, қавмимдин ўрнида қаҳрингдин эканлигини кўрсатиб ўтишни зарур деб топдик.Бундай ўзгартиришимиз боиси фақат араб ёзувидаги ҳарфларни биз тез-тез чалкаштириб ўқишимизгина эмас,балки Яссавий ва яссавия таълимоти асосларига суянишимизда ҳамдир.Яъни “ёзда қавмини ёрлиқо”лишини илтижо қилишдан кўра, “кимни кўрсанг Ҳизр бил” кўрсатмасида “ким”нинг дини ,ёши ,жинси,қавми фарқланмагани каби ва ҳамда буни Худонинг ҳар бир бандаси деб тушуниш мумкинлигини ҳисобга олиб ва буни ҳозирги кунимиздаги “душманингга ҳам ёмонлик тилама” ўгитимиз билан мазмунан яқинлигини инобатга олиб сўзни тўғри тиклаганмиз деган ишончга келиш мумкин. Бинобарин,Аҳмад Яссавийнинг инсон яхлитлиги ҳақидаги тушунчалари унинг бошқа ҳикматлари сатрларида ҳам турли тусларда намоён бўлади.Жумладан:
Мунофиқлар юрурлар фисқу фужур қилурлар-қўрқиб йиғлар Хожа Аҳмад
Қизиқ-а, мунофиқлар катта-катта гуноҳлар қилади-ю,лекин Аҳмад Яссавий бундан қўрқиб йиғлайди! Бундан инсониятнинг яхлитлигидан бошқа яна қандай маъно излаш мумкин! Бу инсониятни бир танасифат тизим деб,тананинг ички ёки ташқи аъзоларидан касалга учраган қисми тақдири бошқа аъзоларда ҳам акс этади-бутун организмга таъсир қилади дегандай гап. Яссавий ҳикматларида бутун олам бир яхлит тизим деган тушунча илгари суриб келинган.Бундаги тизим тушунчаси биз ҳозирги илмимизда аввал система деб, энди тизим дейишга ботина бошлаган тушунча билан деярли мосдир.Қуйидаги қаторлар мазмуни ва бунда биз энди қабул қила бошлаган тизим сўзи билан ўзакдош сўз-туз сўзининг маъноси буни тўлалигича тасдиқлайди.
Зоҳирларин оти билан безаганлар,
Ботинларин оти билан тузаганлар
Ёки
Оллоҳ ёди такаббурни уйин бузди,
Машойихлар бу халқани кўрклук тузди,
Чун Ҳу дедим маъсиятлар тузга тузди
Қуйидаги сатрларда тизим тушунчасини ҳеч қандай бадиий фикрий тасаввурларсиз яққол кўриш мумкин:
Ўғон Изим бу оламни қудрат билан
Қуруб туруб андин сўнгра тузар эрмиш
Ёки
Ким яратти,ким тузатти мунг билсанг,
Кунда қилмиш тақсиринга афв қилсанг
Албатта ,тавҳид назарияси билан қуролланган ҳар суфий шундай бир тўхтамга келиши унча қийин эмасдай ҳам кўриниши мумкин Лекин барча суфийларимиз,тавҳид билан қуролланган ҳамма уламоларимиз ҳам мана шундай тўхтамга келмаганига ўзимиз гувоҳмиз.Яхлитликни инсониятга тадбиқ этар экан,ҳазрат Яссавий Қуръондаги каби инсоният дини билан бир-биридан фарқланишини ва бу фарқланиш азалий тақдир эканлигини ҳам тан олади:
Қудрат билан тафовут қилди инсон бандасин,
Бирни кофир айлабон ,бирни мусулмон айлади
***
Бирни гебру бирни кофир,жуҳуд қилди,
Бирни муғу,бирни тарсо беҳуд қилди
Бу мисралар мағзи чақилса,кўрсатилган фарқлар ҳам инсониятнинг яхлит бир тизим эканлигини инкор қилмайди,аксинча ,уни тасдиқлайди. Яссавийнинг ёв ҳам инсониятнинг бир қисми сифатида(ҳамда ўтмиш ота боболар,ҳозиргилар ва келажак авлодлар ҳам) улар номига яхши ниятлар тиланиши лозимлиги ғояси, “Олтин олма дуо ол ,дуо олтин жмасму” мақоли каби Аҳмад Яссавийдан мерос бўлиб халқ оғзига ўтган “қатордан кам қилмасун” ниятида авлодлар занжиридаги бирон халқа узилмаслиги яъни тизимга путур етмаслиги мақсади ифода этилади(фақат биз ҳозир бунинг маъносини замонавий қилиб олганмиз,яъни “қатордан кам қилмасун “деганда,қаторнинг авлодлар ва замондошлар тизими маъносини эмас,даврада ёки маракада ўтирганларнинг бир-биридан маблағ ва мансаб жиҳатидан кам бўлмаслигини назарда тутиб қолганмиз).”Ёв қавмини ёрлиқо” дейиш билан Яссавий қавмлар,демакки,мамлакатлар орасида доимий тинчлик,қолаверса,дўстлик бўлишини тилаётганини ҳам кўрамиз ва бу тилак Яратганнинг Ғаффор сифатига қаратиладики,инсонлар орасидаги ёвлашиш Ўзининг мана шу сифатига таяниб кечирилиши умид қилинади.Яссавий ҳазратлари инсоният яхлит-бир-бири билан боғлиқ ҳолда мавжуд бўла олишини ўзининг бошқа бир ҳикматида чиройли бир бадиий сиёқлар билан ифода этган:
Сайра сано эй булбул,очилибдур қизил гул,
Ҳар гулни холи кўрма гулни гулзор ичинда

Айни чоғда мавзумиз бўлмиш ҳикматдан келтирилган икки мисрада Оллоҳнинг ғаффорлиги турк ўқувчисига намунали тушунтирилади.
“Ўз қавмимдин сақлағил” гарчи бироз ғалатроқ туюлса ҳам,асли кўп қавмлар ,хусусан,турки қавмлар орасида ички келишмовчиликлар,бир-бирини кавлаштириш,кўролмаслик ва “гадонинг душмани гадо бўлади” деганиларидай туркнинг душмани турк бўлади,қабилидаги ҳолатлар назарда тутилган кўринади. Умуман,яссавияда қавм-халққа муносабат мураккаблиги кўзга ташланади.Бизнингча,Яссавий халқ,қавм атамаларини этник бирлик сифатида эмас,балки кишилар тўдаси,ҳатто оломон маъносида ишлатганга ўхшайди,бу эса қуйидаги мисраларда яққолроқ намоён бўлади:
Халқдин қочиб ялғуз Ҳақни суймак керак,
Аслинг туфроқ султон бўлуб дийдор кўрунг
***
Зинҳор халққа ёзмағил-.билсалар сени ўлдурур,
Ёзар эрсанг Ҳаққа ёз – кўни йўлға кўндурур
Иккинчи бир ҳолатни ҳам назардан қочирмаслик керак,яъни “Ўз қавмимдин”бирикмасидаги –дин чиқиш келишиги шакли тушум келишиги вазифасида келган бўлиши ҳам мумкин(Қ.Маҳмудов:”Айрим келишиклар бир-бирининг ўрнида қўлланади”-Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибатул ҳақойиқ “асари ҳақида” 85-бб).Бундай бўлган тақдирда ҳам Яссавий ёв қавми ва ўз қавми,яъни бутун инсониятни назарда тутган бўлади.

.Ҳикматнинг дастлабки икки мисрасида Ҳазрат Яссавийнинг шахсий ҳаётидаги изтироблар ҳам акс этган бўлиши мумкин.Бинобарин,”Яссавий насабномаси ва Амир Темур”да қуйидаги маълумотларга дуч келамиз: ”…шул вақтда суйри халқи деган бор эрди.Суйри юртини исмидур.Одамлари камоли адоват,ботини палид,ўзи жоҳилу нодонлиқ жиҳатидин ул ҳазратға изо ва иҳонат берди ва фарзанди аржуманди норасидаларини ҳазрат Иброҳим отлиғ эрдилар,даражаи шаҳидликга еткурди.Шарифи латиф бошларини рўйимолга ўраб:”Қовуннинг олдини сизга олиб келдук”-деб айди.Ҳазрат Султон қаддаса сирраҳу рўйимолни очиб кўрмасидин:”Қовунни хом узубсизлар”-дедилар ва Ҳазрат Ҳаққ субҳонаҳу ва таъоло ўша беадабликдин дум кейинидин чиқарди.Ва ҳазрат Султон қаддаса сирраҳу бовужуд ўшанча беадабликдин бўлса ҳам кечурдилар ва панду насиҳат қилдилар”(Т.,1996 й.,19-20 б.).
Иккинчи иккилик замонамизда миллий тарбиянинг марказий муаммолари қаторида тилга олинаётган масала билан боғланиши жиҳатидан ҳам долзарбдир:

Забун айла кибримни,бағишлағил журмимни,
Ҳам орттурғил сабримни.Жаббор отлиғ Илоҳим

Хожа Аҳмад Яссавий ҳикматларининг асосий кучи инсонни –бандани икки дунё азобига гирифтор қилувчи инсоний гуноҳлар-кибру киборлик ва журму исёнга қарши қаратилган.Бу ўринда ҳам ана шу мавзуни кўрамиз.Бу ўринда кибр ва журм учун кечирим сўраш билангина чекланмай,айни чоғда ўша кибр ва журмнинг давоси ҳам сўраляпти ҳамда унинг даво ёки шифоси деб Яссавий томонидан сабр тавсия қилиняпти.Тўғри,биз сал ошириб юбордик,узр!Аслида бу ўринда сабрни Яссавий ҳазратлари кибр ва журм касалига гирифтор бўлгандан кейин уни сабр даволайди дейишдан кўра,ўша касалликларга дучор бўлмасдан олдин сабрли бўлиш бу иллатнинг олдини олади.демоқчи бўлган бўлишлари ҳам мумкин.Энг муҳими сабр ҳар икки ҳолатда ҳам ҳидоят эканлиги ҳаммамизга аёндир.Кибр Яссавийдан кейинги шоиру уламоларимиз ишларида инсонни Яратгандан узоқлаштирувчи залолат эканлиги кўп таъкидланган,лекин ҳеч бир бошқа шоиру уламомиз Яссавийчалик бу гуноҳ турига урғу бермаган,десак янглишмаймиз чоғи.Яссавийда кибрнинг зидди,камтаринлик,хокисорлик эмас,балки ҳеч кутилмаганда,туфроқ дир,яъни Яссавий ҳазратлари суфийликка янги бир рамз сифатида олиб кирган тушунча ифодасики,унда кибр тушунчасининг барча қирраларига ортиғи билан зидлик нозикликлари борлиги билан хайратланарлидир:
Одам улдур фақир бўлуб йўлда ётса,
Туфроқсифат олам ани босиб ўтса
***
Ҳақни топқон туфроқ бўлуб йўлда ётти
Туфроқсифат олам ани босиб ўтти
Яссавийда туфроқ алоҳида диққатга сазовор суфий тушунча эканлигини шу ўринда таъкидлаб ўтишни ўринли деб билдик.Бизнингча,Яссавий “туфроқ”и Қуръондаги “тўзон”(чанг)нинг ифодаси бўлиб,Форобий ва Ибн ал Арабийдаги Дастлабки модда(материя)га маъно жиҳатидан яқин келади. Ернинг белгиловчи материалини,Ернинг юза қисми-ундан ажралиб турган майда зарраларини ва унинг йиғиндисини, сув(ёмғир) билан қўшилганда лойга айланадиган жисмни,Ер юзасидаги барча жонворлар, ер юзидаги ва сувдаги ўсимликлар учун озуқалар шу моддада мажудлиги маъноларини ифода этишидан ташқари у ўша яратиқларнинг барчаси “оёғи остида”бўлиши ҳолатини ифода этувчи сўзни – ўзига хос турки суфий туфроқ сўзини ва у англатган тушунчани тасаввуфга олиб кирганки,унинг маъно нозикликлари ҳали ўз тадқиқотчисини кутмоқда.

Биз ўрганаётган ҳикматнинг навбатдаги икки мисраси алоҳида бир банданинг (бизнинг ҳозирги атамамиз бўйича якка шахснинг) ўз Холиқига илтижоси тарзида бўлса ҳам турки тил хусусиятидан келиб чиқадиган фикрлашда у алоҳида бандаларнинг ҳаммасига бирдай тегишли бўлгани учун ҳам яна оммага-халққа-бутун инсониятга дохил бўла олади:
Қилма дунёда итоб,охиратда ҳам азоб,
Бошдин-оёғ айбимни,Саттор отлиғ Илоҳим

Ушбу дуодан мақсад –банда айбсиз-гуноҳсиз бўла олмагани боис,барча айб-гуноҳлар кечирилиши сўраб у дунё-ю бу дунё қаҳр қилмаслик,азоб бермаслик,қийнамаслик илтижо қилинмоқда.Умуман,яссавиянинг хусусиятларидан бири- Яратгандан бу дунёда қилган ёмон амалларимиз учун жазонинг адолатли бўлишини эмас,балки бу ҳолатда Яратгандан раҳм-шафқат сўрашдир.Зотан, бу борада адолат қилинадиган бўлса,инсониятнинг жуда катта қисми тамуғ азобига гирифтор бўлиши тайиндир.Бунинг биз ўйламаган бошқа асослари ҳам бор кўринади.Биз ўзимизча савоб бўлади деб қилаётган ишларимиз,амалларимиз ростдан савоб келтирадими ёки аксинчами бунга кафиллик беришимиз қийин.Шунинг учун ҳам Яссавий ҳазратлари ҳикматларида Сен билмасдин сендин гуноҳ кечти бўлғай;Қабул қилғил синуқ-сарсуқ дуомни каби мисралар учраса керак.Яратган Эгам бандаларининг билмай қилган айбини раҳм қилиб кечириши- Ўзининг сатторлигини қуйидаги ҳикматида янада ойдинроқ баён қилинади:
Жондин кечиб белим маҳкам боғлаб келдим,
Айб ёпқучи сатторлиғинг англаб келдим
Мана шу ерда мавзудан сал четга чиқиб бўлса ҳам,Яссавийнинг адабий тилимиз шаклланиши ва тарихидаги мавқеи билан боғланган бир манзарага диққат қилсак.Юқорида мен ғаффорлик ва ҳозиргина сатторлик сўзини ишлатдим,менимча,азиз ўқиғучи адабий тилимизда,аниқроқ қилиб айтганда,ўзбек тилининг изоҳли луғатларида ва икки тилли луғатларида учрамаган бу сўзни ишлатганимни пайқамаганига ишонаман.Лекин сиз ва бизга бегоналигини билинтирмай қўйган сўз ясаш кучигина бундай ҳолатни юзага келтира олишини тасаввур қилинг.Бу сўзни ўзбекча қилиб,айни чоғда унинг маъносини ҳам бир шеърий мисра ичида бериш, диний,илмий,лисоний ва бадиий таълимни бирлаштира олиш учун ҳам қанча истеъдод кераклигини холис ўйлаб кўринг.Ўзининг сатторлик сифати фақат гуноҳкор бандаларига эмас,ҳатто муллалар,зоҳидлар,шаҳидлар учун ҳам нажот йўли эканлиги Яссавийнинг бошқа ҳикматларида ҳам аниқ кўрсатиб берилган.
Менимча,биз сўнгги юзйилликда қарийиб 1000 йил турли тўсиқ-туҳматлар оша яшаб келаётган бир диний-суфий оқимни жўнгина қилиб тушунтириб келамиз.Бу мураккаб оқимнинг жузъий томонларига аввал урғу бериб қўйиб, кейин айнан ўша урғу берилган томонни асосий- етакчи ғоя қилиб кўрсатганмиз Хусусан,яссавиянинг ибодат-зикр усулларидан бири бўлган жаҳрия-арра зикри ана шундай тамғаларимиздан биридир.Аслида Аҳмад Яссавий ҳикматларида зикрнинг ҳар икки томони тавсия қилиниши билан бирга махфий-ичда ибодат қилишга кўпроқ урғу берилган. Зоҳир Ҳу деб,ботин Ҳу деб қонлар йутқил…

Пинҳон йуруб тоат қилғил Оллоҳ билсун…

Чин дарвешлар тоатларин пинҳон қилур,
Ҳар гўшада тоат қилсанг Тангри гувоҳ…

Дарвешман деб тоат қилур халқ ичинда,
Риё қилиб йугуруб йурур анда-мунда

Ҳаққа ошиқ содиқлари йурур хилват,
Пинҳон йурур халққа не деб риё қилсун

Халқ ичинда ўйнаб кулар,пинҳон сўзи…
Бу ва шу мазмундаги ҳикматлар “Девони ҳикмат”нинг деярли барча қўлёзма ва босма нашрларида мавжуд бўлгани ҳолда энг кейинги талқинларда ҳам Яссавий тариқатининг асосини жаҳрия-овоз чиқариб,меҳнатдан узилган ҳолдаги зикр ташкил этади,дейишдан мақсадни англаш қийин,англасангиз ҳазм қилиш қийин.Менинг ожиз фикримча,бу каби сатрлар мазмунидан кўз юмиш фақат Фуад Кўпурлунинг ҳаққоний бир илмий хулосасини-яъни нақшбандия тариқат сифатида яссавиядан урчиган деган фикрини- индамай йўққа чиқариш учунгина хизмат қилган кўринади.Аслида нақшбандиянинг машҳур 12 рашхаси барчасининг асослари Аҳмад Яссавий ҳикматларида акс этган бўлиб,уларнинг фарқи асосан тилидагина бўлиб қолган. Бунинг устига бизнинг маънавий тараққиётимиздаги узлуксизликка ҳам путур етказилган.Яъни яссавия Туркистон ерларида пайдо бўлиб,шу ерда урчиши эътироф этилмай,уни тараққий ёки давом этган ери фақат Туркия (бектошия,бизнинг олимларимиз бу оқимни бошқа бир форсий асосга боғлашга журъат эта олмадилар!) бўлиб қолди.
:
Йўлин топқон мардонларға хизмат қилур,
Кўп анжуман орасинда хилват қилур
Ушбу мисралардан хилват қилиш –ички ибодат,”илким ишда-кўнглим Эшда” мардонларга хизмат қилиб,йўлини топқондан кейинги босқич эканлиги,айни пайтда ички ибодатга,айниқса,ижтимоий фойдали меҳнат қилиб туриб ибодат қилиш осон эмаслиги,унга ўша олимларимиз айтганидай,биртариқат йўлига кирсанг бўлди,ичдан ибодат қилиб меҳнат қилаверасан,бу маданий(ўтроқ) тариқат бўлади,қабилида ёндошиб бўлмаслиги таъкидлангандай,гўё.Яссавий ,бемалол айта оламизки,ҳеч қачон овоз чиқариб Оллоҳнинг зикрини айтишни ибодатнинг -саодатга эришишнинг ягона йўли ёки асосий йўли, деб айтмагангина эмас, бундай дейиши ,ҳатто ўйлаши ҳам ул зотнинг бизга қолдирган ҳикматларидан келиб чиқилса,мутлақо мумкин эмас.Шу ўринда Яссавийнинг бир ҳикматидан бир тўртликни келтириш билан бу борадаги ноаниқликларга ҳатто нуқта қўйиш мумкин деб ўйлайман:
Қул Хожа Аҳмад,тоат қилсанг пинҳон қилғил,
Лаб номаҳрам,дам номаҳрам ўзунг билгил.
Балки дилим номаҳрамдур ҳозир бўлғил,
Ҳақдин ўзга талабларни сурдум мано
Лаб,дам(нафас),ҳатто дилни номаҳрамликда гумон қилган мутафаккир жаҳрияни (арра зикрини) ягона ибодат усули деб ташвиқ қилиши,унга амал қилишни издошларидан тадаб қилиши ҳеч бир ақлга сиғмайди.
Кўпчиликка маълум “Суфинақш бўлдунг вале ҳаргиз мусулмон бўлмадинг” радифли ҳикматининг ушбу радифининг ўзидаёқ ,ташқи белгилар,жумладан ҳамма олдида ошкора қилинадиган ҳар қандай юкуниш ,жумладан, ибодат ҳали мусулмонликка эришди,етди дегани эмас,мазмунига эгалигига шубҳа қилувчи топилмаса керак . Дарвоқе,Яссавий
тариқатининг мен ўзимча англаган ўзига хос бир томонини шу ўринда ошкор қилсам.Яссавий тариқатида эран,шайх,мардонлар суфий атамалари қаторида,балки.ҳатто улардан бир поғона юқорироқ деса ҳам бўлади-мусулмон туради.Худонинг бандаси умри бўйи мусулмонликка етиш учун интилади.Ана шунинг учун суфига ўхшаш ёки суфинақш бўлганда ҳам,унинг ташқи белгилари:турмуш тарзи ,ўзини тутиши,бешвақт ёки узлуксиз намози,сурункали рўзаси,оиладан воз кечиши,мансаб –амал,мол-дунёни писанд қилмаслиги,ўнлаб муридлари бўлиши уни мусулмон қила олмайди.Бунинг сабабини Яссавий юртида кенг тарқалиб улуғ бобомиз ҳикматларида ёзма қайд этилмаган бўлса-да,авлоддан авлодга “Султоним айтганлар:Бир кўнгил ибодати-минг Каъба зиёрати”дан изламоқ керак.Айни пайтда бу Яссавиянинг асосий хусусияти “ жаҳрия,арра зикри” деювчиларга ҳам жавобдир.(Айни пайтда арра зикрини,яссавийнинг Ўзи эмас,балки бу тариқатга ташқаридан туриб баҳо берувчилар яссавиянинг асосий белгиси мавқеини берганлигини инобатга олмоқ керак).Ибодатнинг ички бўлишининг афзалликлари Яссавийнинг умуман ташқи нарсалардан моҳиятни,ички томонни устун қўйиши билан уйғунлашади.”Сурат мунда,сийрат анда қудратинда”деб уқтирган Яссавий ҳазратлари сийрат аввалги деб билгани учун,маъни маънони сийрат тоифасидан, маъни ташувчи сўзни сурат деб билгани учун ҳам “оят,ҳадис маъниға турки келса мувофиқ маънисиға етканлар ерга қўяр бўркини”деб ислом мутафаккирларидан биринчиси бўлмаган тақдирда ,биринчилар қатори Қуръонни ва Ҳадисни турки тилда бўлиши мақсадга мувофиқ деб айта билди.Бу тил тафаккур ифодаси ,тафаккурнинг юзага чиқиши тил биландир,тафаккур учун қайси тил шаклида намоён бўлиш муҳим эмас,тилга эса нимани ифода этиши бефарқ эмас ,деган чуқур диний-фалсафий тушунчага асослангани ойдин кўриниб туради.Агар ҳозир ҳам бизнинг диний уламоларимизнинг(фақат улар эмас) Қуронни таржима қилиш масаласидаги фикрига қиёсласак,Яссавий Ҳожа Аҳмад тафаккур,идрок масаласида замонасидан қанча илгарилаб кетганини ҳис этса бўлади.Яъни араб тилидан бошқа тилларга Қуръонни таржима қилиш мумкин эмас,фақат уни изоҳлаш(тафсир қилиш) мумкин дейиш билан тил маънога нисбатан (бу ўринда араб тили Қуръон мазмунига нисбатан)ташқи ҳодиса эканлигидан кўз юмилади. Яна аниқроқ айтилса моҳият ва ҳодиса аралаштириб юборилади,натижада ҳодиса моҳият билан тенглаштирилади,ҳатто ҳодиса моҳиятни белгилаши даражасига кўтарилади.
Ҳикматингдин насиб эт мени элдин лабиб эт,
Ўз васлинга қариб эт,Ҳаким отлиғ Илоҳим

Бу мисралардан эса яхлит инсоният ва унинг тақдири якка бандалар умри давомидаги амаллари билан ҳам боғлиқ эканлиги яширинган кўринади. Оллоҳнинг сифатларидан бўлмиш Ҳаким-барча ҳикматлар эгаси демакдир. Ҳикматларини ҳар бир бандасига қанча ва қай даражада насиб этишни Яратганнинг Ўзи белгилаши ҳам аёндир.Энди шу ўринда ҳикмат масаласига бевосита боғландик.Чунки ўзбек турки алабиёти ва фалсафасида фақат Аҳмад Яссавийнинггина шеърий асарлари ҳикмат номини олган(“Девони ҳикмат” ичидаги барча шеърий асарлар Яссавий ҳикматлари дейилади).Айни пайтда Оллоҳнинг сифатларидан бири бўлмиш Ҳаким барча мавжуд ва мавжуд бўлмаган ҳам ҳикматларнинг эгаси демакдир. Ҳикмат сўзининг маъноларини турк тадқиқотчиси Сафвет Сениҳ “бу калима ҳукм,ҳукумат ,иҳком маънолари билан алоқадор бўлган масдар ва исмдир”,деб бу сўзнинг 17 маъносини ажратиб кўрсатади( SAFVET SENIH, HIKMET , Istanbul, 1989, 9-10 bet).Қайд этилган сўз ва амал бирлиги; Оллоҳнинг амрини мушоҳада қилмоқ ;илоҳий ахлоқ билан ахлоқланмоқ ; англаш; Оллоҳнинг амрини идрок қилиб амал қилмоқ ; ладун илми каби маъноларидан сўнг муаллиф 17 –рақам билан берилган маънода ўшаларнинг ҳаммаси ни ифода этади ,деб кўрсатади ..Бизнингча, Қул Хожа Аҳмаднинг ҳикматлари ҳикмат деб аталиши ҳам ҳикмат сўзининг ҳамма маъноларини қамраб олиши боисдир. Бир қарашда “мени элдин лабиб эт” дейиш билан ўз эли ва улусидан кўра ақлли ва зийракроқ бўлишини тилаш билан гўё фақат ўзини Бу мисралардан эса яхлит инсоният ва унинг тақдири якка бандалар умри давомидаги амаллари билан ҳам боғлиқ эканлиги яширинган кўринади. Оллоҳнинг сифатларидан бўлмиш Ҳаким-барча ҳикматлар эгаси демакдир. Ҳикматларини ҳар бир бандасига қанча ва қай даражада насиб этишни Яратганнинг Ўзи белгилаши ҳам аёндир.Энди шу ўринда ҳикмат масаласига бевосита боғландик.Чунки ўзбек турки алабиёти ва фалсафасида фақат Аҳмад Яссавийнинггина шеърий асарлари ҳикмат номини олган(“Девони ҳикмат” ичидаги барча шеърий асарлар Яссавий ҳикматлари дейилади).Айни пайтда Оллоҳнинг сифатларидан бири бўлмиш Ҳаким барча мавжуд ва мавжуд бўлмаган ҳамда бизга аён ва аён бўлмаган ҳикматларнинг эгаси демакдир. Ҳикмат сўзининг маъноларини турк тадқиқотчиси Сафвет Сениҳ “бу калима ҳукм,ҳукумат ,иҳком маънолари билан алоқадор бўлган масдар ва исмдир”,деб бу сўзнинг 17 маъносини ажратиб кўрсатади( SAFVET SENIH, HIKMET , Istanbul, 1989, 9-10 bet).Қайд этилган сўз ва амал бирлиги; Оллоҳнинг амрини мушоҳада қилмоқ ;илоҳий ахлоқ билан ахлоқланмоқ ; англаш; Оллоҳнинг амрини идрок қилиб амал қилмоқ ; ладун илми каби маъноларидан сўнг муаллиф 17 –рақам билан берилган маънода ўшаларнинг ҳаммаси ни ифода этади ,деб кўрсатади ..Бизнингча, Қул Хожа Аҳмаднинг ҳикматлари ҳикмат деб аталиши ҳам ҳикмат сўзининг ҳамма маъноларини қамраб олиши боисдир. Бир қарашда “мени элдин лабиб эт” дейиш билан ўз эли ва улусидан кўра ақлли ва зийракроқ бўлишини тилаш билан гўё фақат ўзини ўйлагандай бўлса ҳам ,бу ақл ва зийраклик айнан ўша халқини ҳидоятга етаклаш учун лозимдир.Ахир Аҳмад Яссавийнинг ўзлари бошқа бир ўринда :Олим улки ёстуқин тоштин яратти,Неки билди ани оламға отти,дейдиларку! Иккинчидан,бу ҳикмат фақат Хожа Аҳмад Яссавийнинг Яратганга ибодати бўлиб қолмасдан,айни пайтда барча турки тилли мусулмонликка интилган кишиларнинг Эгамга ибодат қилишида бир намуна сифатида яратилганлигини ҳам назарда тутмоқ керак.Биз, мусулмон бўлишга интилган,деган жумла ишлатдик .Мусулмонлар,демадик.Бунинг ўз сабаби бор.Агар Яссавий ҳикматлари синчковлик билан мағзи чақилса, мусулмонлик дин йўлидаги энг дастлабки мақом(шариат) бўлиб,кишининг ота-онаси исломда,атрофидагилар исломда бўлиб ўзи ҳам исломнинг талабларига тақлидан амал қилса у мусулмонлик мақомига эриша олмайди.Тақлид ва ўткинчи дунё неъматлари учун исломнинг барча ташқи талабларини бажо келтириб авлиё лик, пир лик мақомига етганларни ҳам ҳазрат Яссавий ҳали мусулмонлик мақомига раво кўрмайди.Бу мақом эса, ўзига хослик –мушоҳада ,англаш,астойдиллик,таъмасизликка таянади.Ушбу кескинлик “Суфинақш бўлдунг валэ ҳаргиз мусулмон бўлмадинг” ҳикматида тўла намоён бўлади.Яссавийдан келиб чиқилса уламолик,зоҳидлик, ҳатто дарвешлик,суфилик ҳам мусулмонларнинг йўли эмас,балки мусулмонликка эришмоқчи бўлганларнинг йўлидир.Демак, шариатдан бошланадиган бу машаққатли босқичлар охир оқибатда яна қайтиб янги сифатли шариатга келиб қолади.Бундай мураккаб жараён агар масала биз ўйлагандай бўлса ,бу ақл ва зийраклик айнан ўша халқини ҳидоятга етаклаш учун хизмат қилади,яъни авомни маърифатга ундаш учун хизмат қилади.Ахир Аҳмад Яссавийнинг ўзлари бошқа бир ўринда :Олим улки ёстуқин тоштин яратти,Неки билди ани оламға отти,дейдиларку! Иккинчидан,бу ҳикмат фақат Хожа Аҳмад Яссавийнинг Яратганга ибодати бўлиб қолмасдан,айни пайтда барча турки тилли мусулмонликка интилган кишиларнинг Эгамга ибодат қилишида бир намуна сифатида яратилганлигини ҳам назарда
тутмоқ керак.Биз, мусулмон бўлишга интилган,деган жумла ишлатдик .Мусулмонлар,демадик.Бунинг ўз сабаби бор.Агар Яссавий ҳикматлари синчковлик билан мағзи чақилса, мусулмонлик дин йўлидаги энг олий мақом бўлиб,кишининг ота-онаси исломда,атрофидагилар исломда бўлиб ўзи ҳам исломнинг талабларига тақлидан амал қилса у мусулмонлик мақомига эриша олмайди.Тақлид ва ўткинчи дунё неъматлари учун исломнинг барча ташқи талабларини бажо келтириб авлиёлик, пирлик мақомига етганларни ҳам ҳазрат Яссавий мусулмонлик мақомига раво кўрмайди.Бу ўзига хослик –мушоҳада ,англаш,астойдиллик,таъмасизликка таянади.Ушбу кескинлик “Суфинақш бўлдунг валэ ҳаргиз мусулмон бўлмадинг” ҳикматида тўла намоён бўлади.Яссавийдан келиб чиқилса уламолик,зоҳидлик,дарвешлик,суфилик мусулмон бўлганларнинг йўли эмас,балки мусулмонликка эришмоқчи бўлганларнинг йўлидир.(афсус, ўтмиш ва ҳозирги муллаларимиз мусулмонлик мақомини жудаям жўнлаштириб ташлаганлар). Яссавий ҳикматларидан келиб чиқилса, ибодатда юзакилик.ташқи белгиларга эътибор кучлилиги кабиларга астойдиллик ,кўнгил софлиги, берилиш кабиларнинг ифодаси бўлган ички ибодатнинг зид қўйилиши,маънини четга суриб ҳижжалашга уринадиганлар назарида исломий ақидалар бир-бирига қарши қўйилгандай кўринадиган,аслида астойдилликни ташвиқ қиладиган,ҳозирги пайтда халқ мақоли даражасига кўтарилган бўлишига қарамай ҳали ҳам баъзилар Хожа Аҳмад Яссавийга нисбат берадиган Бир кўнгил ибодати-минг Каъба зиёрати ҳикматида ҳатто кўзга ҳам яққол ташланади.

Ладун илми иноят айлаб қилғил ҳидоят,
Ҳар ишимни кифоят Олим отлиғ Илоҳим
Ладун илми ёки илми ғойиб Яратганнинг Ўзи ҳузуридаги илм бўлиб,у танланган бандаларигагина берилиши ҳақидаги суфий тушунчалиги маълумдир.Аҳмад Яссавий ладун илмини Яратганнинг Олим сифати билан боғлаб сўраши билан бир қаторда ушбу ҳикматнинг бундан олдинги байти билан боғлайди,яъни “мени элдин лабиб эт” фикрини тўлдириш билан бирга,юқоридаги қаторлардаги “ёв қавмини ёрлиқо”,ўз қавмим(дин)ни сақла” ва бошқа ҳикматларда ифода этилган “нодонларға ҳикмат айтиб биткил сўзни” учун хизмат қилдириш ниятини ифода этади.Ёв қавми ва ўз қавми ҳам нодонлашган чоғларда ,улар ғафлат уйқусига чўмган паллаларда илмнинг барча турини бу дарднинг давоси деб билишни ХХ аср жадидларимизда ҳам кўришимиз бу жараёнларда давомийлик бор, деган иддао қилишимизга имкон беради.Ростдан ҳам “доно топмай ер остиға кирган”ларга қавмини ғафлатдан уйғотиш учун дунёвий илмлар қудрати камлик қилишига бизнинг ҳам ишонишимизга тўғри келади.Ушбу иккиликдаги яна бир диққатга сазовор ҳолат шуки,кишига ладун илми иноят қилиниши ҳали етарли эмасдай,мурод ҳосил бўлмагандай.Энди тўғри йўлга бошланиши-ҳидоят қилиниши ҳам илтижо қилинади. Бу мисралардан мақсад –агар ладун илми берилса-ю,лекин уни истифода қилиш инсоннинг ўзига ташлаб қўйилса,инсон доим тўғри йўлни топа олмайди демоқдир,яъни ладун илмини тўғри ишлата олмаслик хавфи борлигидан огоҳ қилишдир.Ладун илмига эга бўлган киши ҳам шундай иноятга сазовор бўлмаганлар қатори Ўзи томонидан тўғри йўлга солиниши,ҳар бир амалининг етарли ҳамда меёрида бўлишини Яратганнинг Ўзи белгилар экан.Бу маънолар беихтиёр Хожа Аҳмад Яссавийнинг бошқа бир ҳикматидаги
Хожам қулум темаса,қулман темак не фойда? мисрасини эсга туширади.Айни чоғда дуо-ҳикматларида тез-тез учраб турадиган (кечиргил) ёки (қабул айла) “синуқ –сарсуқ дуомни” иборасининг моҳияти нимада эканлигини аниқлашга ёрдам беради.Яъни Қуръон маънисини ўқиб уққан ,шариатни яхши англаган.уларнинг тагмазмунига қадар туркида шеърий усулда баён эта олган зот ҳам,унга “ладун илми берилган” бўлишига қарамай,ўз дуоларини мукаммал деб ҳисоблай олмайди,манманликдан,кибрдан қочади.
Инсоф менга ато қил,ҳар дардимға даво қил,
Ҳожотимни раво қил,Раҳим отлиғ Илоҳим
Бу мисралар ҳазрат Яссавий ва умуман яссавия йўлининг “мен” тушунчасида ҳам ўзига хослиги борлигининг чиройли бир далилидир.Унда ҳеч қачон баданни(“мен”нинг устуни) бекордан бекорга азобга қўйиш ёки “бу чакангга урса,у чакангни тут”қабилидаги тушунча бўлмаганини кўрсатувчи бир исботдир.Яъни инсоф менга сўралмоқда(бу ерда “мен” фақат Яссавийнинг мени эмас,балки ҳар бир ўқувчи эканлиги эътибордан соқит қилмаслик керак)-меннинг таянчи бўлмиш бадан касалликларига шифо сўраляпти,ундан сўнг ўша меннинг ҳожатлари-ҳожоти тиланаяпти.Демак,Яратгандан ҳожотни раво қилишни сўралишининг ўзиёқ ,ҳазрат Яссавийга тақаб келинган таркидунёчилик ғояси тамғасини ўчиришга етарлидир.Зотан ҳожот ,асосан дунёвийдир.Демак биз Яссавийдаги таркидунёчилик даражаси,аниқроғи маъниси тўлиқ англаб,мағзини чақиб кўрмаганмиз.Чунки том маънодаги тарки дунё қилган бандасида фақат битта ҳожат-Яратганнинг висоли бўлади.Шундай бўлса,”ота-она ,қариндош… лар йўлдош”бўла олмаслиги каби сатрлар мазмуни билан айтилаётган фикрлар билан қандай уйғунлашади?-деган савол ҳам туғилиши мумкин. Бизнингча,буни уйғунлаштирувчи ришта иккиликнинг бошида турибди: бу Инсофдир.Яссавийдагина эмас,балки ундан кейинги мутафаккирларимизда ҳам, ҳозирги тилимизда ҳам инсоф сўзининг асосий маъноси-ҳамма нарсада меёр эканлиги фикримизни ойдинлаштиришга ёрдам беради.Яъни яссавия дунё моли.дунё ташвишларидан воз кечиш висолга етишнинг ягона йўли деб тавсия этмайди,балки бу ниятга етиш воситаларидан бири деб кўрсатади,деб тушуниб тушунтирсак моҳиятга мос бўлади,деган қаноатдамиз.

Ўзингни ёр айлагил,менга ғамхор айлагил,
Рўзи дийдор айлагил,Раззоқ отлиғ Илоҳим
Ҳикматнинг мана шу еридан бошлаб ўз ,ёр, мен тушунчаларига боғлиқ ҳикматлар келтирилгани учун ҳам,ҳозирги кундаги илмий адабиёт ва умуман матбуот бу суфий атамаларни кенг истифода қилаётгани боис ҳам Яссавийдаги мазкур тушунчалар талқинига батафсилроқ тўхталишни лозим кўрдик.Чунки
Хулқимизни хуш қил,феълимизни яхши қил,
Ҳам Ўзинга восил қил,Халлоқ отлиғ Илоҳим
( биринчи мисрада Мирхолдоровда хуш ўрнида хўп ,иккинчи мисрада Ўзинга ўрнида Ўзига) иккилигидан сўнг келадиган кейинги икки қаторда ҳам бу масалани янада чуқурлаштириш учун озуқа бор:
Менга қўйма ўзимни,чин айла ҳар сўзимни,
Мунаввар қил йузимни,Маннон отлиғ Илоҳим
Ўзбек турки диний суфий фалсафасида Яссавийдан бошлаб ўз атамаси икки асосий маъно ифода эта бошлайдики,бу маънолар баъзан чалкаштирилган ҳолда ҳануз ишлатилиб келинади.Аввал Яссавийдаги ўз сўзи маънолари ва унинг асослари ҳақида..Турки тилларда азалдан бу сўз ўзак, негиз,юрак ,нафас,моҳият,ҳаёт,жон каби маъноларга эга бўлган (Э.В.Севортян,Этимологический словарь тюркских язиков,1974,506-507 б.).Айтиш мумкинки,Аҳмад Яссавий ўз сўзини исломий- суфий Ҳу,Халлоқ,Худо сўзлари ўрнида ишлатиш имконига эга бўлган.Айни пайтда ўз сўзи маънолари ҳар бир инсон-бандадаги Оллоҳнинг “Ўзи пуфлаб киритган” –раҳмонни ҳам ифода этишга йўналтирилган.(Қуръони каримдан бошлаб барча суфийларда инсон моддий ва илоҳий(руҳоний) унсурлар бирлашмаси эканлиги эътироф этилади) Ўзбек
туркисидаги эгалик қўшимчалари эса бу бир зотнинг турли эврилишини фарқлаб тушунишга кўмак берган.Ана шунга таяниб олдинги мисралардаги Ўзинг-Худо,Тангри маъносида бўлса, кейинги иккиликдаги ўзим –бандасидаги раҳмон маъносига эга деб ҳисоблаш тўғри бўлади Ўзни ҳозирги жонли тилимизда ҳам Худо маъносида қўллаш учрайди:Ўзи

билади(баъзан тўлиқроқ қилиб Худонинг Ўзи билади.дейилади). Ўзнинг мустақил ҳолда Яратганни ифода этиши айнан Яссавий ҳазратлари ижодидан бошланган кўринади:

Ошиқларга ваъда қилди дийдорини,
Ўзи билур дийдор учун беморини

Ҳозир кенг қўлланиладиган шахс маъноси ҳам( мен ўзим,сен ўзинг, у ўзи) асли юқоридаги ўзим билан боғлиқ ҳолда вужудга келган.”Ҳикмат”дан келиб чиқилса, ўз нинг бири иккинчисидан келиб чиқувчи икки маъноси борки,бу Аҳмад Яссавийнинг қуйидаги ҳикматида яққол кўзга ташланади:
Яссавий Қул Аҳмаднинг ушбу сўзи,
Ажаб эрмас боқиб кўрар сирдин кўзи-
Фанолиқ мақомида Ўзнинг Ўзи
Фанолиқ ичра боқиб кўрар,дўстлар
Худди шундай Ўзингни ёр айлагил бирикмасидаги ўзни ҳар икки маънода тушуниш мумкин бўлади ,бу эса ўз нинг ҳар икки маъноси узвий боғлиқ эканлини яна бир марта ойдинлаштиради.
Ўрта аср файласуфлари ,жумладан,Абу Наср Форобий қарашларидаги Мавжуд ал Аввал(иккинчи Ўз), Фаол Ақл(биринчи Ўз)га уйғун келгани каби,ҳозирги тилимизда кўп ишлатиладиган Худонинг Ўзи(кўп қўллайдиган бирикмамиз Худойим марҳамат қилди эмас,балки Худойимнинг Ўзи марҳамат қилди!) бирикмасида ҳам ана шундай боғланиш акс этган,яъни Худо=Ўз: Худонинг Ўзи=Ўзнинг Ўзи. Аҳмад Яссавий ҳикматларида Ўз тушунчаси бошқа суфий оқимлардаги Ҳу тушунчаси билан тенг келади дейиш мумкин.Шунинг учун бўлса керак ҳикматларда Ҳу ҳам Ўз билан ёнма-ён ёки бири ўрнида иккинчиси ишлатилаверади ва бу Ўз га юклатилган маънони ойдинроқ англаш .англатиш учун ҳам хиғмат қилади.
Ҳу теб келди бу жоним яна Ҳуға борғуси,
Ҳақ дийдорин кўрубон вола бўлуб турғуси
Ёки
Тавфиқ ,рафиқ бўлубон,Ҳуни Ҳудин қўлубон,
Кўнгулга нур тўлубон боқий бўлуб еткуси
Агар бу қаторлардаги Ҳу Ўз билан алмаштирилса ,ҳикматнинг маъносига жиддий таъсир этмаслиги ҳам шундандир.
Ушбу ҳикматнинг ҳар бир иккилиги Оллоҳнинг Қуръони каримида тилга олинган сифат исмлари (отлиғ)га бир муножотдай кўринишга эга .Айни пайтда мана шу сифат исмлар келтирилиш ўрни ҳам Яссавийнинг Оллоҳ таоло билан Ўзи яратган бандалари орасидаги боғланиш-бошқариш ҳақидаги қарашларини акс эттириши билан бирга “…аъло ҳақиқат -Оллоҳни идрок қилиш мумкин эмас,чунки Унинг зотини ақл билан англаб етиб бўлмайди…Уни чегаралаш ёки аниқлашнинг имкони йўқ.Аммо Оллоҳнинг ва унинг яратганларининг ҳаракати ҳамда муқаддас Китобида Ўзи ҳақида хабар бераркан ҳақиқатгўй Пайғамбари орқали Ўзи Ўзини атаган исмлари ҳақида фикр юритиш мумкиндир”(Ибн-ал Араби,Мекканские откровение,70-71-б) дейилган қараш билан вафотидан бир йил олдин дунёга келган улуғ бир олимга фикрдош бўлиб қолади.Ҳикмат сўнгида “Оллоҳ” исми ҳусниясининг берилиши ҳам Ибн Арабийнинг”Энг асосий ва кенгқамровли етакчи (илоҳий) исм -“Оллоҳ.”Унда,ҳеч истисносиз, барча Исмларининг маъноси жамланган.”(Ўша асар,76-.б.) фикри билан ҳам ҳамоҳангдир. Бироқ Ибн Арабий Яратганнинг Оллоҳ исмидан ташқари етти етакчи исмини келтирадики:ал Ҳайй, ал Олим,ал Марид,ал Нотиқ ,ал Қодир,ал Карим,ал Ъадл(Ўша асар 76-б),биз мазкур ҳикматда улардан фақат биттасини “ал Олим”ни кўрамиз. Яссавий ҳазратлари етакчи исмлар борасида ўзига хос фикрга эга бўлганми ёки ҳикмат мақсадидан келиб чиқиб зарур исмларнигина танлаб олганми.буниси бизга қоронғи.Қисқаси,
Яссавий ҳикматлари ,жумладан,юқоридаги ҳикматда биринчи Ўз Одам атодан бошлаб ҳозиргача ва бундан кейин дунёга келадиган-барча инсонларга Яратган Ўзидан пуфлаган руҳ –жон бўлса, Иккинчиси Яратувчи,аниқроқ айтилса,Оллоҳнинг Ўзидир.Инсондагина ўша ўз борлиги боис,Яссавий ҳазратлари буни англаб етганлиги учун ҳам ”англамади муллалар анал ҳақнинг маънисин “деб айтадилар ва бизнинг фикримизча,анал ҳақ ни ўша пайтдаги тилимизда ҳам ,ҳозирги тилимизда ҳам “ўзим ҳақ” деб талқин қилишни(араб тилида ўзбек тилидаги каби ўзлик олмоши йўқлигини ва унинг вазифасини кўрсатиш олмоши бажара олишини ҳам назарда тутинг) ва тушунишни тавсия қилганлар.Пайғамбаримиздан бошланган “Ўзингни англасанг, Худони англайсан” ибораси Аҳмад Яссавийда кўп учраши ана ўшандай дейишга имкон беради.
Яна Яссавий даҳосига ва тилига “соя солган” бир “қусур” ҳақида икки оғиз сўз.Яссавий ҳикматлари тили соддалиги унинг ҳикматлари китобдан китобга кўчирилишда ўзгартирилиб жонли тилга яқинлаштирилиб борилгани ва умуман аслида унинг тилида суфийча бўёқлар камлиги ҳақидаги “фикр”га биз А.А.Игнатенконинг “В поисках счастья” китобида суфий устозларнинг шогирдларига таълим бериш услуби борасидаги Матвей тилидан баён қилинган парча билан жавоб беришни лозим кўрдик:
“…Ахир Матвей устози айтганидай ҳамма нарсани “бармоқлари билан” тушунтира олмайди-ку…
Матвей бироз жим қолди.
-Файласуфларни филнинг турли мучаларини сийпаб кўриб: оёғини сийпагани уни йўғон бир дарахт,ҳартумини пайпаслагани уни йўғон қувур деб ҳисоблаган сўқирларга қиёс қилмоқчи эмасман.Ундай қилмайман ҳам,зотан файласуфдан ортиқ кўзи очиқлар бўлмайди.Аммо масални ҳам бекорчи эсламадим.Ҳақиқат буюк ва чексиздир,шунинг учун у мангудир.Камдан кам ақл уни қамрай олади.Кўпинча унга қисман эришилади.Турли қисмлар эса турли билим-турлича нутқдир.Бу менинг биринчи жавобим.
Жавобнинг иккинчиси ҳам бор,-деб давом этди Матвей,-Отларига чиройли, нотиқлик санъатининг гўзал ўхшатишларига амал қилиб мурожаат қилаётган отбоқар ҳақида қандай фикрга борар эдингиз?Биламан,бечора ақлдан озибди ,деб ачинган бўлар эдингиз.Отлар чиройли нутқни тушунмайдилар.Отларни хуштак чалиб суғоришга олиб борган маъқул.Ҳақиқатга ҳам шундай деб қаранг.Овмини одми нутқ билан,содда мисоллар,суратлар ва ривоятлар билан ҳақиқат йўлига йўллаш мумкин…”(47-48 б.).
Айни пайтда ҳазрат Яссавий суфийлик тариқатига оид асарларида суфий атамалардан мутлақо қутулиши мумкин бўлмаган бир ҳолатдир.Ўз(“Девони ҳикмат”да айни маънода ёки шунга яқин маънода кенду сўзи ҳам ишлатилади) сўзи ана шундай тушунарли турки сўз бўлиши билан бирга анча мураккаб диний-фалсафий-суфий маънолар ҳам ифода этган.Ўз сўзининг “соддалиги” ва айни чоғда бу сўзга юқорида зикр этилган мураккаб маънолар юкланганлиги,биз Яссавийнинг “тили соддалиги” ,суфийлиги юзакилиги” ҳақидаги фикрларнинг ниҳоятда шошма-шошарлик билан ,масалани жиддий ўрганмай туриб айтилганлигини ҳамда ҳикматлар соддалиги унинг ниҳоятда серқирралигининг намоён бўлиш шакли эканлигини кўрамиз. Ҳикматлардан бир-икки сатрини қурбимиз етганча таҳлил қилиш билан ушбу муаммо юзасидан қарашимизни аниқроқ билдиришга уриниб кўрайлик:
Кўз оқу қароқиндин яқиндур Ҳақ,
Кўнгулнинг зангорини оча билса
,у ҳикмат парчаси диний иймон ҳосил қилиш учун интилган ҳар бир турки тилли учун тушунарли содда сўзлардан ташкил топиб, Ўзи ҳамма ерда ҳозиру нозирлигини(Ерга боқсам сен ҳозир,Кўкка боқсам сен ҳозир,Ерда-Кўкда бир қодир , сендин ўзга кимим бор?),айни чоғда Ўзи ҳар бандасида ҳам мавжудлигини тушунтирса, унга етишиш учун ниятни тўғрилаб ,ички томондан тозаланиш зарурлиги йўли кўрсатилса ,мана шу содда сўзлар воситасида хослар учун тавҳид ва ваҳдатул вужуднинг асосий,муҳим нуқталари ҳам ҳозирлаб қўйилган.Ўта соддалик ўта мураккабликни англатишга хизмат қилдирилган.Мазкур иккиликда 9 та сўз шакли бўлиб, улардан фақат иккитаси турки(ўзбек) тилига ўзлашган сўздир:Ҳақ ,зангор.Лекин бу сўзлар ҳам ўша даврда ҳам ҳозир ҳам англанган ва кўп ишлатиладиган сўзлардир,яъни бу сўзлар барча саводли кишилар англай оладиган ва англата оладиган маънолари билан ҳам ишлатилган.Буни биз Аҳмад Яссавийнинг ислом дини ва суфийликни тушунтириш ва тарғиб қилишда содда,жўн сўзлардан фойдаланган деб эмас,балки сўз танлаш маҳорати(сўз ишлатиш маҳорати) мавзуига манба қилиб олсак ,анча мақбул таҳлил йўлини танлаган бўлардик.
“Ҳикмат”да ўз билан мен ва мен билан биз зидлиги асосида инсон ва унинг яратувчиси ҳамда яралмишлар орасидаги муносабат,боғланишлар ўзига хос равишда намоён бўлади.Буни изоҳлашдан аввал ҳикматдан яна бир иккиликни келтирсак деймиз:
Қул Сулаймон,бир сўз келди-ўлук жоним ҳам тирилди:
Сен,мен темак биздин қолди табулғайсан дарвешларни
Бу мисралардаги сен ва мен –якка шахсни ифода этади ҳамда яссавияда инсоният бизлик асосида яхлит эканлиги ғояси акс этмоқда.Бизнинг –ҳамманинг –ўзнинг мен+сен +у дан ташкил топгани эмас,балки мен,сен,у лар бизнинг-ўзнинг алоҳида-алоҳида намоён бўлиш шаклидир.деган қараш ҳикматларнинг барчасини боғлаб турувчи бир боғич ҳамдир.Шу асосда Ўз,ўзлик томон менлик ,сенлик орқали эмас балки бизлик воситасида борилиши ҳам англанади.Яссавияда тариқатга ёлғиз устозсиз кириш мушкул.ҳатто мумкин эмаслиги мана шу ғоя билан ҳам боғланса ажаб эмас.Бу маъни Жалолиддин Румийга нисбат бериладиган(Идрисшоҳ “Суфизм” 352-б.) бир ривоят маъниси билан ниҳоятда ҳамоҳанглиги эътиборни тортади:”Ошиқ бир кишининг эшиги тақиллайди.Ичкаридан :-Ким у? –деган савол берилади.Жавобан:-Бу мен, дейилади.Ичкаридан:”Бу ерда Мен ва Сенга ўрин йўқ”-деган гап айтилиб, эшик очилмайди.Бир йил танҳоликда кун кечириб ва нафсини жиловлагач,қайта келиб яна шу эшикни тақиллатади.Ичкаридан:-Кимсан?-деган сўроқ берилади.Бу гал у киши:”Сенсан!”-деган жавоб беради ва эшик очилиб,уни ичкарига киритадилар“. Бу ривоят сен ҳам мен ,мен ҳам сен,яъни биргаликда бизмиз,деган маънони англатади. Хуллас, Яссавийда ҳам,Румийда ҳам ,балки барча ҳақиқий суфийларда мен бу муштарак .балки ягона Ўзнинг менларда намоён бўлишидир.Менларнинг Ўз(и)га муносабати ва уни англашига қараб шахслар бир-биридан ажралиб туради.Агар ўзимизни менимизга қўйиб берсак,ундан манлик ва манманлик келиб чиқади.Манманлик-кибр ўзимизнинг энг катта душманимиз эканлиги ўрганаётган ҳикматимизнинг иккинчи иккилигида тилга олиниб,унда кибрни забун айлашда Ўзидан мадад сўралганига ҳам эътибор беринг.
Менга қўйма ўзимни бирикмасида биз ҳозирги кунда ўз ва мен тушунчаларида ва уларнинг ўзаро муносабатини акс эттиришдаги чалкашликларимизнинг шифоси-эми тайёр берилган кўринади менга.Инсонни мени эмас.балки унинг ўзи бошқарсагина банданинг у дунёю бу дунё сўзи чин,юзи ёруғ бўлиши таъкидланади.Мантиқан ҳам шундай мен томонидан бошқарилиш мен ни мақсадга етаклаб менни бахтли қилишга қаратилади,ўз томонидан бошқарилиш ўзига хизмат қилиб.ўзни мақсади томон етаклаши табиийдир. Ана шунинг учун ҳам инсон-банда ўзини топса,ўзини билса,ўзи томонидан бошқарилса,шунда у бахтга муяссар бўла олади.
Хотиримдин фикрингни,кўтармагил зикрингни,
Ҳам тилимдин шукрингни, Субҳон отлиғ Илоҳим.
(Ушбу мисралардаги ажратиб кўрсатилган сўзлар ўринини биз алмаштирдик.Чунки яссавияда ибодат астойдиллиги,ичдан бўлишига алоҳида эътибор берилгани ва ҳамда “лаб,ҳатто тил ҳам номаҳрам”бўлиб қолиши эҳтимоли борлигини назарда тутиб,зикр фикр доирасида эканлигини назарга олиб,бу сўзлар хаттотлар томонидан ўрни алмаштирилиб юборилган деб ҳисобладик).Бу мисралар Яратган Эгамга фикр доирасида ҳам,тил доирасида ҳам муттасил ибодатда бўлишини ифода этиш билан бирга фикр-тафаккур ва тил муносабати ҳам ўз аксини топган.Бу муносабат ,хусусан,тафаккур ва тилнинг бирламчилиги масаласиси бу ўринда Яссавийга хос бўлмиш яна ўша соддалик билан берилган,яъни тартиб ўрни билан. Услубдаги соддаликка яна қайтган эканмиз,ҳаммамизга яхши таниш бўлган Яссавийнинг “бу дунёни пучак пулға сотар.дўстлар”қаторидан биз илғай олган маъноларга ва уларнинг тилимиздаги аҳамиятига ҳам диққатингизни тортмоқчимиз.Бу дунё-ҳақиқий дунё-нариги дунё ёки у дунёнинг зидди;бу дунё –мол-товар; бу дунё-ўткинчи дунё;бу дунё-у дунёга қайтиш йўли,бу дунё-бандалик фурсати… пучак пулға-ноль//нул сўм(пул); йўқ пул-манфий билан мусбат ораси;кераксиз.яроқсиз матоҳ;қуруқ-қийматсиз пул.Тасаввур қилинг биз бошиданоқ Яссавий ҳикматларига жиддий илмий ёндошганимизда,математик атама ноль//нул ни рус тилидан олиб ўтирмасдик.Адабий тилимиз асосланган замондаёқ мавжуд бўлган пуч+ак тарзида ўз тилимизда ясалган пучак сўзини ҳеч қўрқмасдвн ишлатаверардик ва Советлар замонида бир арман тилшуносининг”бу қандай тилки унда ўз сўзи билан ноль тушунчасини ифода этиб бўлмаса” деган менсимасликка ўхшаган гапини жим туриб эшитмасмидик.
Қул Аҳмаднинг навосин,айғил доим саносин,
Қабул айла дуосин,Оллоҳ отлиғ Илоҳим.
Бу мисралардаги наво ва дуо сўзлари фақат жарангдор қофия вазифасини эмас,Яссавийнинг ўша биз эътиборингизни тортишга уринаётган юкуниш –ибодатдаги астойдилликни таъкидлаш учун ҳам хизмат қилдирилган.Яъни наво Яратганга мунгли овоз билан ёки овозсиз ибодат эканлигини кўзда тутсак,дуо-ибодат кўнгилдан бўлган ҳолда унинг ташқи белгиси кўз ёши бўлишини ҳам ҳисобга олсак.бу мисралар ҳазрат Яссавийнинг
Йиғлаб юргил кўз ёшининг риёси йўқ
радифли каттагина бир ҳикмати билан туташиб кетади.

Бахтиёр ИСАБЕК
(ЎРДАБЕКЛИ)

Comments are closed.