РАУФ ПАРФИдан АНГЛАДИГИМ (“ИЙМОН АСИРИ”ни ўқиб

РАУФ ПАРФИдан АНГЛАДИГИМ
(“ИЙМОН АСИРИ”ни ўқиб)

Рауф Парфини –ўзбекнинг-туркликнинг озодлиги ва эркини,бахтининг очилишини орзу қилиб севган ҳамда куйиб куйлаган,умри давомида ҲАҚ ,ҲАҚИҚАТ,АДОЛАТ ҳамма халқларга насиб этишини тилаб ўтган бир суфиёна буюк шоирни Совет олим ва шоирлари “тан олмагани” бир қадар эмас .жудаям тушунарли. Зотан
Келгинди,босқинчи,исқирт қартабон,
Юртимни қонларга ботирса ,ё Раб!
Ботирлар,шоирлар бўксиб юзтубан,
Кўзларин чирт юмиб ўтирса,ё Раб!
каби мисралари айнан Совет ҳукумати ва унинг ялтоқ олим ва шоирларига қарши қаратилган эди(бу ўринда Парфи Совет ҳукуматини умуман ҳукумат сифатида қоралаяптими ёки унинг бир сифатиними,шунисига диққат қилишингизни сўранаманки,ушбу масалага қуйида урғу берилади!)
Лекин мустақил Ўзбекистон олим ва шоирлари эътироф этиб Парфининг адабиёт ва яқин тарихимиздан муносиб ўрнини эгаллашига эътибор бермаётганини тушуниш ва тушунтириш анча мураккаб кўринади. Мураккаб бўлишига қарамай,мен буни англагандайман.Аввало , бу ҳозирги олим ва шоирларимиз ҳар қандай ижодкор ижодига совет замонида берилган баҳодан тўлиқ қутула олмаганидан далолат берса,сўнгра,энг муҳими,ижод ва ижодкорга жорий ҳукуматга очиқ хизмати юзасидан,ҳокимиятнинг унга берган баҳосидан келиб чиқиб муносабатда бўлиш каби советча мезон усулидан воз кеча олмаганини кўрсатади. Рауф Парфи ҳеч вақт давлатчилик ва унинг муайян замондаги шакли-ҳукуматга қарши бўлмаган, балки унинг олиб борган ғайри миллий сиёсатидан норози бўлган ва норозиликларини баралла айтишни орзу қилган ҳамда айтгани учун тазйиқлар ҳосил қиладиган аппаратни ёмон кўрган.Ҳар бир миллатпарвар ижодкор шундай сифатга эга дейилиши табиий!Ҳа албатта! Бироқ Парфининг бу ўринда ўзига хослиги ўз тушунчасидаги миллатига(унинг миллати турки бўлиб,ўзбек унинг бир шаҳобчаси сифатида кўринарди) зулм қилган,.зулм қилаётган ёки зулм ўтказиши эҳтимол бўлган ҳар қандай ижтимоий бирлик унинг аёвсиз душмани ҳисобланарди.Рауф Парфининг ҳам ашаддий душмани ҳеч қачон ҳукумат бўлмаган( душман , одатда, тан олинади ва доим ундан киши ҳадиксирайди,Рауф Парфи совет ҳукуматидан ва кейинги ҳукуматдан ҳам чўчимаган) балки унинг ашаддий душмани ( қўрқитадиган душмани)– ўша жонидан ортиқ севган халқининг ,йўғе,”нахсга ботиб ухлайдиган,уятсиз Шаҳари”,”мозори очиқ ёлғонзори” бўлган.Шоирнинг душмани,ёви,адуви ”онамиз гумроҳлиги-ю.отамиз сўқирлиги;жойи келганда виждонни пулга сотишимиз”,. ва ниҳоят
Не баломиз биз ўзи,тўрдамиз,айвондамиз,
Не касофат феъли бу-Қурдамиз,Тайвондамиз,
Беназир паррандамиз қўрдамиз,ҳайвон да биз
бу маломатларга қўшимча
Қайдин эй сен такаббур,кўксимни михлаб ўйғувчи,
Эй ялоқхўри бало,ичиб қонимни тўйғувчи,
Бормисан олам аро кўнгилга малҳам қўйғувчи,
Ўртадин чиқса агар миллатни яхши суйгувчи,
Биз ани даҳрий санаб таффонча бирла отамиз
Ушбу иллатлар Парфининг душманлари экан ,у барча турдаги ёвларига унга берилган якка-ю ягона қуролини –СЎЗни ўхталади:
Ақраболар –кўз очиқ дунёи дун фоний билинг,
Эл учун,Аллоҳ учун жонни тилинг.танни тилинг,
Келингиз ул кун ўтди,қуллик асирликни силинг,
Келингиз ёшлар,зиёлилар,бу кун ғайрат қилинг,
Ухлағонларни.агар Қодир берса,уйғотамиз
Кейинги мисраларда юқоридаги қаторларда келтирилган ғафлат уйқуси,гумроҳлигимиз,ёлғонзоримиз,виждонни пулга сотишимиз каби иллатлар етмаганидек,такаббурлик,ялоқхўрлик,миллатсеварларни қоралаш каби иллатларимиз ҳам етарли эканлиги шоир душманлари сонини кўпайтиради.Ушбу шеърий парчада Рауф Парфини ҳукуматга ёмон кўсатишга уринувчилар учун дастак бўладиган биргина мисра бор,яъни мардикорларимиз дунёга тарқалганидан нолиш.Шунда ҳам миллионлаб мардикорларимиз дунёга питраб кетишига аслида жорий ҳукумат жавобгар деб ҳисоблайдиган цензоргина буни дастак қилиб олиши мумкин. Лекин Рауф Парфи бу ўринда ҳам уни халқимиз феълидан-яъни менталитетимиздан кўряпти.Бизнингча,шоир-ҳақиқий шоир ҳам ўзича бир ҳукумат–айниқса,халқ инқирози чоғида у ўтдан ҳам ,чўғдан ҳам тап тортмайдиган,ҳеч ким замонасида тан олмайдиган ,қайсар бир ҳукумат.Ҳукуматки, хаёлларида ҳам ўша халқини эзаётган реал ҳукуматни халқининг узвий бир қисми сифатида ёмон кўриб қўриқлайдиган ҳукумат.Айни чоғда ёлғиз бир кишидан иборат Ҳукумат бўлиб ,ҳаётий ҳукуматни хаёлий сўроқларга тутгувчи ҳукуматдир.Унинг Ҳукумати ҳукмини шоир тасаввури,шуури,хаёлоти ва уларнинг қоғозу компутерлардаги ифодасидан нари ўтмайдиган, ўта олмайдиган бир нимарсадирки,ундан негадир ҳадиксирайдилар.Ҳадиксирамасалар эди.балки бу кекса миллат миллий инқироздан тезроқ қутулиб, яна навқиронлик палласига кириб ,ҳатто бизга ҳам буни кўз билан кўриш насиб этармиди… Хуллас,Рауф Парфи деган улкан ва мураккаб шоирнинг ватани ва халқига бўлган чексиз ва беғубор муҳаббати уни фақат ҳиссиз мисралар билан мақташ билангина намоён бўлолмас эди.Бундай бўлган тақдирда у Рауф Парфи ҳам бўлаолмас эдиРауф Парфининг замондош шоирлардан ва бошқа шоирмаслардан фарқли томони шундаки.барчамиз-шоир ва шоирмаслар замонамизни ўз идеалларимизга олиб киришга интилсак.Парфи ўз идеалларини замонага олиб киришга ,уни ҳаётийлаштиришга томон интилган.Шунча жимжимали гапларимиздан чиқадиган жўяли ва одми гап-мазмун шугина холос.
Лекин Рауф Парфи бу ўринда ҳам бутун камчилик ва икир-чикирларимизни халқимиз феъли-ҳуйидан-яъни менталитетимиздан кўряпти.Бу ўринда у билан баҳслашиш мумкин деб ҳисоблайман.Бинобарин,бундай қарашда миллат учун яратилган муҳит,ижтимоий муҳит назардан четда қолиб кетаётгандай.Муҳитни эса халқ эмас ,унинг реал етакчилари яратмоғи табиийдир,яъни тарбияланувчига муҳитни тарбиячиликни зиммасига олган яратади.
Айтганларимни Парфи билан бўлган бир суҳбатимизни қисқача баёнини келтириш билан тасдиқлаш мумкин.”ЭРК” партиясининг бўлиниши содир бўлган қурултойдан сўнг Матбуотчилар уйидаги “Рауфхона”да иккимиз ўтириб суҳбатлашдик.Суҳбат асносида Рауф: “Агар сизлар ҳокимиятга келсангизлар,мен сизларга қарши курашаман”-деб қолди.
-Сизлар деганингиз “Эрк”ми?-деб сўрадим.
-“Эрк”ми,беркми ,барибир –деди.
-Нега,ахир ўзингиз ҳам “Эрк” аъзосисизку!
-Аъзоманми,йўқми,шунга қаноат ҳосил қилдимки,сизлар ҳам ҳокимиятга келсангизлар,халқимга зулм қиласизлар экан.
Мен яна изоҳ сўрадим,лекин у бошқа изоҳлашни истамади. Ҳозиргача унинг бу гапини тушунишга ҳаракат қилиб келаман.Ва ниҳоят буни ўзимча қуйидагича йўйдим.Рауф халқига зулм қила олиш имкониятига эга бўлган ҳар қандай тузилмага- у партиями,ҳукуматми,барибир- қарши бўлган:улардан халқини қизғанган,лекин зулм қилмайдиган тузилма бўлиши мумкинлигига ҳам ишонмаган.Зотан у олам,инсон яралиш фитратида зулм ва адолат,зулмат ва маърифат ёнма-ён балки аралаш эканлигини англаб етади.Уни бу аралашлик ва ёки кетма-кетлик эмас балки,халқимизнинг ҳозирги босқичидаги таназзул қийнайди:ёмонликнинг яхшиликдан устунлиги,зулмнинг шафқатдан устунлиги,илмнинг бидъат олдида ожизлиги ,мунофиқлик,таъма ,ахлоқсизлик.лоқайдлик авж олганлиги қийнайди ва ана шуларни ўзининг асосий душмани деб билади.:
Ё Раб!Бу қандай юрт,қандай оломон?
Мансабдорни асло тушуниб бўлмас.
У мазлум томонми ё золим томон,
У тирик инсонми ё мангу ўлмас?

Қорни биқсиб тўлар,ҳеч кўзи тўлмас,
Ўзининг қўлини ўзи кесади.
Юракдан йиғламас ва лекин кулмас…

Тепада ким бўлса унга барибир,
Эланиб.суйканиб етар пойига.
У шундай бепарво,дажжол.бесабр

Шўрлик инсон,ай шўрлик юртим,
Сен учун жигарим адо бўлмоқда.
Мен йиртқич шоқоллар комида юрдим,
Менинг арслонларим нечун ўлмоқда?

Рауф Парфи бутун умр озодлик ,эркинлик истади ,излади ,аммо бир умр уни топмади,топа олмади, топа олмасди ҳам,ахийри :
Бу ютнинг даҳоси ,паноҳи қани?
Қайда пусиб ётар алдамчи каслар,
Қайда у озодлик,эркин нафаслар,
Қачон уйғонадир мардлар ватани?

дея наъра тортиб ,пуф деб бу оламдан кўз юмди. Унинг кўзи очиқ кетди,очилиб кетди,миллий,ахлоқий.ижтимоий муаммоларни йиғлаб туриб кўрсатиб ечимини кўриш учун кўзимизни очиб кетди,лекин ўзининг кўзи очиқ кетди( тўғрироғи,у очмоқчи бўлди.лекин оча олдимикан?!)
Юқоридаги мисралар билан у ҳозиргача ҳеч биримиз айтолмаган бир аччиқ ҳақиқатга диққатимизни тортиб ҳам кетди.Биз қари қадимий бир миллат сифатида,ўзининг навқирон ва гуллаган даврларини ҳам бошидан кечирган,дунё халқлари қаторида бир сафда ,чоғида саф олдида мағрур тура олган бир миллат сифатида энди юзлаб йилларки теран бир таназзулга юз тутганмиз:”не баломиз биз ўзи”-”ялоқхўри бало”миз,”ухлағонлар”миз,,йиртқич шоқоллар коми”дамиз,”ўзининг қўлини ўзи кесади”ган,”юракдан йиғламас ва лекин кулмас”,”эланиб суйканиб”юрадиган “бепарво” “юрт”-“оломон”га айланмадик…ми,ўйлаб,мушоҳада қилиб кўринг-чи! Жондан азиз она халқига мунча маломат,мунча тарсаки сабаби не экан,дўппини бошдан олиб, ерга қўйиб идрокни ишга солинг-чи!
Рауф Парфи шеърларини тушунишда,тушунтиришда ,менимча, бошқа шоирларимиз ижодига қўллайдиганимиз усул,йўсун ва кўз қарашдан айрича бўлмоғи лозим кўринади. Шеърий асарни оддий ўқувчи савияси даражасига туширишга тиш- тирноғи билан қарши бўлиш билан бирга шеърни замонасозлик иллатидан асрашни(лоақал ўз шеърларида) эътиқод қилиб олган Парфининг(ахир шеър илоҳий илҳом бўлса-ю,уни ўзи яшаб турган замонида ҳукмрон раъйга мосланса,мўлжални ўзи уни шеърлик мақомидан суриб ташламайдими-яъни бошқа бир раъй ҳукмрон бўлса у кераксиз ҳатто зарарли матоҳга айланмайдими!) :
Экилган йолғонлар,гумонлар,
Тарихнинг темирдан девори.
Аққадлар,сумарлар,йунонлар,
Билингиз,бу Турон дийори
тўрт мисрасининг дастлабки икки мисраси,инсон вужудга келганидан бери ҳеч бир жамиятда ҳақиқат ва иймон ғалаба қилмаган ( бундай қараш Муҳаммад Ҳодийнинг:
Адолат қайда,лекин зулму ваҳшатлар ҳақиқатдир,
Қани ҳуррият,оламда асоратлар ҳақиқатдир .
мисралари билан уйғунлигига ҳам эътибор беринг) деган аччиқ бир чиннинг ифодасидир.Шундай экан бу шеърий қаторларга Парфининг дунёқараши,хусусан,унинг инсон ва жамият борасидаги тушунчаларидан келиб чиқиб ёндошмоқ лозим кўринади.Парфи дунёқараши эса,биз-унинг замондошлари дунёқарашидан анча ўзгача эди.У ҳеч вақт бировнинг (у қанчалик улуғ бўлмасин) қарашини ўз идрокидан ўтказмасдан қабул қилган эмас.Жамият ва табиатнинг ўқ соҳалари бўйича ўз шахсий кўз қарашига эга бўлган улуғларимиздан бири эди.
Келтирилган кейинги икки мисра ҳам бизнинг юқоридаги иддаомизни тасдиқлайди.Бу ердаги этнонимлардан шумерларни(шеърда “сумар”) ,ўзаро суҳбатларимиздан аниқ биламанки,хеч шубҳасиз туркиларни тарихдан маълум бўлган энг қадимги аждоди,деган ишончда эди.(Ҳатто,”Самарқанд” шаҳар номи сумар+канд таркибли бўлиб,у ва а товуш ўзгариши турки тиллар товуш мослиги қонунияти асосида содир бўлганлигини менга тушунтирган эди,аниқроғи бу сизнинг отангиз исмида ўрду—ўрда шаклида ҳам кўринади.деб қистириб ўтган эди). Ҳа ,Рауф Парфи илмий адабиёт билан ҳам жиддий шуғулланадиган шоирлардан бўлиб,бу унинг асарларида ўзини намоён қилган.Кейинги икки мисрада эса бу хусусият янада равшанроқ кўринади. Яъни у аккадлар ва йунонларни сумарлар қаторида келтиргач.энди уларни туркка эмас,балки турклар ерига- Туронга дохил деб кўрсатиш билан,қадимий Турон ҳаддларини парфича тушунишни-белгилашни ифода этади.
Шу ўринда бадиий адабиёт ,.хусусан,шеъриятни ташкил этувчи асосий маъни унсури метафора эканлигини назарда тутсак,Рауф Парфи метафораси фавқулодда ўзига хослигини пайқаймиз.Бу эса Рауф дунёқарашида худди тилимизда бўлгани каби(ўзбек тилида инсонгагина к и м сўроғи берилади.бошқа барча жонли ва жонсиз нарса ва ҳодисаларга н и м а дейилади)олам ҳодисалари инсон ва инсондан бошқа барча нарса ва ҳодисалар зидлигига таянган деган хулосага олиб келади.Мана шу зидликда инсондан ўзга нарсалар инсонга хос хусусиятларга эга бўлиш метафорасига дучор қилинади:
Булутлар –фалаклар оҳлари,
Ингроғи,сингроғи учадир.
Тубанда мусибат тоғлари,
Қора қон ичиндан кечадир.
Рауф Парфининг энг дастлабки шеърларида ҳам кўзга яққол ташланадиган бу сифат у адабиёт оламига кирганидаёқ .олам ва ундаги барча нарса ва ҳодисалар ўзаро жипс боғланган ва улар яхлит бўлиб,инсон ҳам бош,қўл.оёқ,ўпка .юраклар йиғиндиси эмас,балки у яхлит инсоннинг нисбий парчаларидир .деган тушунча эгаси бўлганлигидан далолат беради.Яъни у олам яхлитлиги ва инсон оламнинг кичрайтирилган бир нусхаси-микрокосмдир ,деган суфий тушунчага жуда эрта ошно бўлиб ,бу унинг дастлабки шеърларидаёқ ўз аксини топган:
Осмон нақ бошимнинг устида турар,
Ичаётган чойимга булутлар қўнар.
Қалдирғочлар бағрини ерга урар,
Дарахтлар синар ,офтоб сўнар,
Мени ташлаб қайга кетдинг,лўстим.(“Сукунат” 54-бет)
Бу бешликда “оламдаги барча нарса ва ҳодисалар Ўзига қайтади” суфийлик тушунчасини ифода этиши аниқ кўриниб турганлиги боис ҳам ,биз шу ўринда Парфигагина хос метафорага(мантиқий ва илмий метафора!) диққат қилмоқчимиз.
Одатий ва кўриниб турадиган осмонни,биз ҳаммамиз жуда юқорида деб англаймиз ва шундай қабул қилганмиз (Осмон –йироқ ,ер қаттиқ).Рауф Парфининг шоирона
тасаввури,ўша йироқдаги осмонни тортиб бошининг устига олиб тушади ,(мантиқий боғланиш изчиллигига қарангки),демак осмон унинг боши устига келгач,булут унинг пиёласидаги чойи устига қўнади-да.Айни пайтда булут иссиқ чойдан чиқадиган буғга ишорат қилиб,буғ ва булут пайдо бўлиш моҳиятига кўра ,ҳатто жараёнига кўра бир хил эканлигини ифода этишни таъминлайди.Шеърда қалдирғочлар ҳаракати билан Инсон учун ягона макон қилинган Ерга қайтилади.Осмон ва Ер бир жойга жамланиб осмон(Қуёши билан бирга) ва Ер(Инсони ва дарахтлари билан бирга) синади ,сўнади.
Тўрт мисрага ана шундай яралиш ва қазо билан боғлиқ ўта мураккаб инсоний муаммоларни сингдира ва сиғдира олган шоир-мутафаккир тўрт мисрада ифода топган маънодан ўзи ҳам ҳаяжонланиб,ҳатто қўрқиб, бешинчи мисрада ана шу дўстлари ва ўзи қайга кетиб,қайда макон тутгани ҳақида ўйланишни,фикрлашни ,идрок қилишни ўқувчига ҳавола қилади.
Рауф Парфини ҳар хил тушуниш ёки баъзан уни англамай қолишнинг заминида у ўз ижодининг бошидаёқ суфиёна идрок ва ифода эгаси бўлганлиги билан изоҳлаган бўлардим.Бир кун ундан мен сўрадим:
-Шеърларингизда суфийлик маъниси ,йўллари яхшигина кўриниб қолади-я?
-Бизнинг адабиётимиз-ку суфийлик адабиёти билан бошланган,адабиёт тарихида суфийлик алоҳида оқим бўлмаган халқларининг шоирлари ҳам озми кўпми суфиёна фикрламаса,у ҳақиқий шоир бўлиши мумкин эмас,-деган жавобининг мазмунини энди чақаётгандайман.Рауфдаги суфийликни мен қисқа ва лўнда ифодалашга уринсам- Ҳаққа элтар йўл халқидан,унинг равнақи учун муздсиз,таъмасиз хизматдан бошланади(тузум,ҳукумат,адабиёт,аниқ фанлар намояндалари барча-барча-барчамиз ўша халқ ичида). Хуллас,Рауф Парфи ижодининг бошидаёқ танлаган кенг йўли доирасининг дам у четига,дам бу четига томон бурилган бўлиши мумкин,лекин зинҳор танлаган йўлидан чекинмаган.Надоматлар бўлсинки,унинг ижодидан қийиқ қидирганлар ҳам ўз йўлидан тоймайдиганлар бўлиб чиқди: ҳокимият қанча ўзгарса ҳам улар ҳокимиятга (бирон нарсалик бўлиб қолиш умидида) хизмат қилиш йўлидан чекинадиганлардан эмас экан.Уларнинг бу хизмати ҳам фойдадан жудаям маҳрум эмас эканки,менда ва менсимонларда янги мақолсимон тушунча пайдо қилди:

Зўрга яқин бўл зарлик бўласан,зарга яқин бўл зўр бўласан,
Ҳозир қанча зўр бўлсанг-да, оқибат барибир хўр бўласан,
Истеъдод кўриб кўрмасанг- ниятингга етасан- к ўр бўласан!

БАХТИЁР ИСАБЕК

Илова:
Шартта юзга айтаман:Рауф Парфи истеъдодидан чўчиганлар(қўрққанлар эмас,чунки Унинг Умри давомида ундан чўчиганларнинг орқасида ҳукумат ва ҳукумат дини вакиллари бор эди!) доим унинг ичишидан фойдаланар,адабиёт,илм соҳасида ожиз қолган ўринларида,дарров шу мавзу билан унинг мавқеига ўқ отар эдилар ва ҳануз отмоқ истаганлар топилади. Айтилди ва айтилади: Рауфга нисбатан ҳамма қабул қиладиган бир чин бор: эрк ва эркинликка-инсоний эркинликка интилиш.Ҳар бир манзилга элтадиган йўллар яралмишдан бери якка –ягона бўлган эмас,бундан кейин ҳам бўлмаса керак .Чунки дунёнинг ўлчовлари ўзи шундай яратилган.Ичкилик кишининг руҳий эркинлигини вақтинча бўлса ҳам,инсоний ва диний нуқтаи назардан номақбул,гуноҳ бўлса ҳам, бир лаҳза бўлса ҳам эркинлик майидан-майдонидан фойдаланиш,унга мушарраф бўлиш бахтига муяссар қилади.Тўғри тушунинг, Хайём майи ва ҳазрат Яссавий хуми ишқи майини бироз фарқлаган ҳолда бу гаплар ёзилмоқда.Рауф Парфида на униси бор эди ва на буниси,унда эркинликка оний эришишнинг бу ўткинчи оламда якка йўли қолган эди ва бу ичкиликдай ҳаром нарсадан ҳам ҳалол орзуларига лаҳзалик эришиш воситаси эди(ниятни рўёбга чиқариш учун муҳит,шароит ,майдон бўлмагач, лоақал хаёлан ўзига ўшани яратиш учун интилиш ва бу ҳаракат гуноҳми,савобми буни билмадим).Айни пайтда бундан бемақсад,ичишга ружу қўйиш.яъни фақат ичиш учун ичишга ўхшаган иллатлар ҳақида гап кетмаётганини барча ўқувчилар фаҳмлайди.деган умиддаман) Ният қаратилган манзил нурли бўлса,поку раҳмонийликдан келиб чиққан инсоний бўлса.эришиш йўлидаги восита Парфилар учун ,барибир,иккинчи даражали эди(Теварак буткул эрксизлик билан қопланган бир вазиятда бир зум,он ,лаҳза лаззати!!).
Ахир,ҳамма динлар йўллари,топиниш усуллари билан ўзаро фарқ қилса ҳам алалоқибат мақсад-ягона Яратганни таниш ва унга сиғиниш эмасми!

Илова 2
Содиқ,нияти соф дўстлар маслаҳатига кўра 2005 йил 27 сентябр куни чуқур ички алам билан ёзилган бир лавҳани ҳам дунё юзини кўрсин,дея эътиборингизга ҳавола қилишга журъат этдик ва уни ўз ҳолича,ўзгартирмасдан қолдирдик.
Қайғули ўлимида буюк ҳаётини ошкор қилган,
Янги чексиз ҳаётинг муборак бўлсин,дўстим-
Парфи ҳазратлари
Бугун 27 октябр
Рауф Парфи Ўзтурк деган фақат ўзбекнинг эмас.балки туркликнинг буюк ўғлони,шоирининг туғилган куни бу кун.Бу кун бошқаларга бир жўн кундир,балки кун эмас бир туннинг бошланишидир.Ўзбек учун,турклик учун бу кун буюк бир шоирнинг Яссавий,Навоий,Бобуру Машраблар ва Абдурауфлар,Абдуҳамидлар этагини тутиб буюкларимиз занжири ягона ва яхлитлигини таъмин этган,хатто ундан янги халқачалар чиқариб,дунёнинг Гёте,Байрон,Тагор,Блок,Есенинлари билан улаган,япон хоккуларини ўзимсинган,инсониятни ўзим деган ўзбек шоирини дунёга келган кунидир.Бу кунни 9 апрел,9 феврал,14 феврал кунлари каби миллатимиз байрам қилажак,зотан,Рауф Парфи ҳаёт чоғида бир қўли ўтмишга бир қўли келажакка чўзилган ҳолатда ўртада танаси яшади.Нигоҳини ўтмишга тикиб куч-қувват олди,нигоҳини ҳозирга тикиб “Ассалом алайкум дорнинг оғочи”дея яшади,нигоҳини келажакка тикиб
Келажакка ёғдирар савол,
Гўё тунда имкон ахтариб,
Чорлар мисда музлаган олов.
Олови Туркистон эди,ўтини турк эди ўша оловнинг, лаҳзалик оташ бўлмаслик унинг орзуси эди.
Ўзбек шеъриятида ҳурлик,ватан ва миллатини улардан ҳеч нарса таъма қилмай, астойдил-виждонан сева олишини янги ва чиройли ташбеҳларда ифода этиш намуналарини яратиб(буларнинг рауфона боғланишини ҳануз топа олмаётганлар борлигини афсуслар билан айтиб ўтишнинг ўзи ачинарлидир),улуғ ижодкорларгагина хос бўлган замондош миллати тафаккурига таъсир эта оладиган янги сўзлар(шайтанат) ижод қилиб, 60-йилларда “Руҳим тўла армон ва мотам” деб,2005 йилда “Оҳ ,сўнги қўшиқни…
Куйламак.
Зарур”
дея оламдан ўтди,Минорда макон тутиб,ҳақиқат оламига-“Рауф Парфининг сўнгсиз осмонига” туташди.

Comments are closed.