ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ ҲИКМАТЛАРИ

ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ ҲИКМАТЛАРИ

Қумнинг бир заррасиман, аммо бепоён чўлнинг дардини ортмоқлаб юрибман.

Тупроқдан келдик, тупроққа кетармиз. Муҳими дунёда кирланмасликдир, кир юқтирмасликдир…

Агар тақдир этса Аллоҳ – қўл ҳам олиб келар, ел ҳам олиб келар, сел ҳам олиб келар. Гар тақдир этмаса Аллоҳ – қўл ҳам олиб кетар, ел ҳам олиб кетар, сел ҳам олиб кетар….

Ҳаққа етмоқ истасанг, кўнгилларни қозонмоқни маслак айлагин, бунинг учун саройларда мармар бўлма, бир тупроқ бўлгинки, бағрингда гуллар етишсин…

Унутма! Иймонда кетмоқ, жаннатга эришмоқ учун бир умр лозим, буларнинг баридан айрилмоқ, куфрда кетмоқ учун бир лаҳза кифоя.

Яхшилик изла, тўғрилик изла, гўзаллик изла, аммо айб излама.

Савдоси, сармояси, мол-дунёси кўп одамнинг имтиҳони ҳам оғир бўлур.

Ишқи улканнинг имтиҳони ҳам залворлидир.

Гўзаллигингга қувонма, уни бир сўгал буза олар, мол-мулкингга қувонма, уни бир офат олиб кетар. Роббингга қувон, у ҳаммасига кифоя этар…

Инсонларни китоб каби англанг. Муқовасига қараб алданманг, ичини ўқиб чиққачгина моҳиятини биларсиз…

Гиламни калтак билан қоқмоқ гиламга озор бермоқ учун эмас, гиламни покламоқ учундир. Аллоҳ сенга ташвиш берар экан, сени имтиҳон қилиб тозалар, чангу ғуборингни кетказар. Қайғурма…

Ақлим ҳар кун товба қилар. Нафсим ҳар кун товбамни бузар.
Иккисининг орасида қолган бир бечораман. Яхшиямки, Роббим, сенинг даргоҳинг бор…

Қоф тоғи қадар юксакжа бўлсанг-да, бир кафанга сиғар даражада кичиксан. Унутма, ҳар нарсанинг ҳисоби бор, қарзингни узгунинг қадар узилурсан…

Гул деганинг нима сенинг? Уч-тўрт тикон, бироз япроқ,
Недур сен севган бу ҳаёт? Уч-тўрт нафас, сўнгра тупроқ…

Ичингни ташингдан ҳам кўра кўпроқ покла, обод қил, чунки ташингни халқ (махлуқ) кўради, ичингга Аллоҳ (холиқ) кўради…

Жоҳил киши қараб туриб гулнинг гўзаллигини кўрмас, тиконларига тикилур.

Инсон бир дарё кабидир, сатҳи кўриниб туради, тубида не бўронлар қўпар, не пўртаналар тошар, сўзламас, жимгина оқар ва кетар…

Адолат недур? Гулни суғормоқдир.
Зулм недур? Тиконларни суғормоқдир.

Ҳаёт олганинг қадар нафасдир, ҳаёт қолганинг қадар қафасдир, ҳаёт толгунинг қадар ҳавасдир…

Робингга қараб: “Менинг буюк дардим бор” – дема, дардингга қараб: “Менинг буюк Роббим бор”, – дегин…

Гулнинг гўзаллиги – уруғининг поклигидан, инсоннинг гўзаллиги қалбининг поклигидандир

Ишқни бийрон сайраётган булбулдан эмас, сассиз-садосиз жон бераётган парвоналардан сўра

Миллиардлаб ерга бир-бир алоҳида ёғилаётган, бир-бирини туртмасдан ерга айрў тушаётган қор учқунлари охири охират бўлган дунё йўлларида миллиардлаб инсонлар бир-бирига зарар бермай, халақит қилмай яшашлари, ҳаракат қилишлари мумкинлигини англатади, ахир…

Баъзан масъумлигимизга фаришталар ҳавас қилади, баъзан жоҳиллигимиздан шайтон қочарга жой тополмайди… Дунёга келганимизнинг асосий ғояси – Аллоҳни танимоқ, иймон келтирмоқдир.

Ҳеч бир нарса кўрингани каби эмасдир, бугун сенга ҳаёт берган сув эртага сени чўктира олади ҳам.

Овозингни кўтарма, сўзингни юксалтир – япроқларни ёмғирлар ўстиради, гумбурлаган момоқалдироқлар эмас.

Одамлар сени ўз манфаатлари учун ҳаракат қилдиришни истайди, Аллоҳ эса сен ўз манфаатинг учун ҳаракат қилишингни истайди.

Тилингни тарбия қилишдан аввал дилингни тарбия қил. Чунки сўз тилга дилдан чиқиб келади.

Чумолиларнинг ғимирлашини биладиган, сасини ҳам эшитадиган Аллоҳ, қалбларимизнинг астойдил фарёдини эшитмайдими?! Албатта эшитади…

Карим БАҲРИЕВ таржималари

Comments are closed.